Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатишда яратилган қулайликлар

Барчага маълумки, Ўзбекистон Республикаси мустақиликка эришгандан сўнг хусусий мулкчиликка ва тадбиркорликка катта эътибор берила бошланди.

Конституциямизнинг 36-моддасида ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли эканлиги асосий қонун доирасида мустаҳкамлаб қўйилди, 53-моддада эса жамиятнинг иқтисодий негизини турли шакллардаги мулк ташкил этиши белгилаб қуйилган.

Президентимиз И.А.Каримов мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ, “Тадбиркорлик - иқтисодий тангликдан олиб чиқишнинг, иқтисодий тарақкиётга олиб боришнинг асосий иқтисодий воситаси, тараққиёт локомотиви” деб таъкидлаган эдилар.

Юртбошимиз томонидан билдирилган ушбу фикрлар ўзининг исботини топмоқда. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳимояси давлат сиёсатининг асосий стратегик йўналишига айланмоқда. Шу сабабли тадбиркорликнинг ривожланиши ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш давлат томонидан қўллаб-қувватланади.

Кейинги пайтларда тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатишда уларга қулайлик яратиш мақсадида бир неча норматив ҳужжатлар қабул қилинди ва мавжудларига эса ўзгартиришлар ҳамда қўшимчалар киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 14 ноябрдаги “Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қарори асосида қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 ноябрдаги “Тадбиркорлик субъектларини интернет тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказиш механизмини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан 2014 йил 1 январдан бошлаб янги ташкил қилинаётган тадбиркорлик субъектларини Интернет тармоғи орқали давлат рўйхатидан ўтказиш жорий этилди.

Президентимиз И.А.Каримовнинг 2015 йил 15 май куни “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармон асосида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатишда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлди деб айтилса, ҳеч муболаға қилинмаган ҳисобланади.

Ушбу Фармон асосида 2015 йил 28 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга мувофиқ, “Ягона дарча” марказларининг фаолияти 2016 йилнинг 1 январидан бошлаш белгиланди.

2016 йил 1 январдан бошлаб 16 та турдаги давлат хизматлари фақат “Ягона дарча” марказлари орқали амалга оширилиши кўзда тутилди.

“Ягона дарча” марказларининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

- “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматларини кўрсатиш, тадбиркорлик субъектларига рўйхатдан ўтказиш, рухсат беришва лицензиялаш тартиб-таомилларидан ўтишда шаффофликни таъминлаш;

тадбиркорларга давлат хизматларини кўрсатишда бюрократик ғов-тўсиқларга йўл қўймасдан давлат хизматлари кўрсатаётган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш;

- аризачиларга информацион ёрдам кўрсатиш, шунингдек давлат хизматларини кўрсатиш тартиби ва муддатлари тўғрисида бепул консультация бериш.

2015 йилнинг 14 декабрь куни Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2015 йил 28 сентбярдаги қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги 358-сонли қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга асосан “Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Низом”, “Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари орқали давлат хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисидаги Низом” ҳамда “Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари фақат давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматининг намунавий паспорти” тасдиқланди.

Ушбу қарорда “ягона дарча” марказлари тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатишда қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган тўловларни белгилашга ҳақли эмаслиги таъкидланди.

Мазкур қарорнинг 1-иловасига мувофиқ тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги Низом “ягона дарча” марказининг ҳуқуқий ҳолатини ва марказларнинг асосий вазифалари, функциялари ҳамда ҳуқуқлари, мажбуриятларини белгилаб беради.

Қарорнинг 2-иловасига мувофиқ тасдиқланган Низомда тадбиркорлик субъектларини ортиқча вақтларини олмаслик учун аризачи навбат рақамини олган вақтдан бошлаб “ягона дарча” маркази ходими томонидан аризани ариза қабул қилиб олинганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат аризачига берилгунга қадар бўлган вақт 30 дақиқадан ошмаслиги кераклиги белгиланганлигини алоҳида таъкидлаш мумкин.

Аризачилардан аризани қабул қилиш учун тегишли давлат хизмати паспортида назарда тутилмаган қўшимча маълумотлар ёки ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиш тақиқланди.

Ваколатли орган аризани кўриб чиқиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган муддат тугашидан 3 иш соатидан кечикмай:

- давлат хизмати кўрсатишнинг асосли равишда рад этилганлигини белгиланган тартибда қоғозли манбада расмийлаштиради;

- давлат хизмати кўрсатиш натижасини ёки давлат хизмати кўрсатишнинг асосли равишда рад этилганини белгиланган тартибда қоғозли манбада расмийлаштиради;

- давлат хизмати кўрсатиш натижаси ёки давлат хизмати кўрсатишни рад этишнинг асосли сабаблари тўғрисидаги маълумотларни идоралараро электрон тарзда ҳамкорлик қилиш тизимига ва ўзининг электрон ахборот ресурсларига киритади;

- QR-код (матрик штрихли код)да мавжуд бўлган давлат хизмати кўрсатиш натижасини ёки давлат хизмати кўрсатишнинг асосли рад этилишини – электрон ҳужжатни генерация қилади;

- давлат хизмати кўрсатиш натижасини ёки давлат хизмати кўрсатишнинг асосли рад этилишини электрон тарзда “ягона дарча” марказига ёки аризачига (Ягона портал орқали мурожаат қилинган тақдирда) юборади.

Шунингдек, “ягона дарча” маркази давлат хизмати кўрсатиш натижаси ёки давлат хизмати кўрсатишнинг асосли рад этилиши тўғрисидаги маълумотлар олинган вақтдан бошлаб бир иш соати мобайнида:

- бу тўғрида аризачи аризада кўрсатилган усулда уни хабардор қилади;

- идоралараро электрон тарздаги ҳамкорлик тизими воситасида Журналга тегишли ёзувни киритади.

Қонунчиликда охирги ўзгартиришлар билан тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатишнинг белгиланган тартибива муддатлари бузилганлиги учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган жиноий жавобгарликкача бўлган жавобгарлик чоралари белгиланган. Ушбу ҳолат ҳам республикамизда тадбиркорлик фаолияти субъектларини ҳуқуқва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг мантиқий давоми ҳисобланади.

Ҳ.Абдураимов, Адлия вазирлиги бош маслаҳатчиси


Рўйҳатга қайтиш