Ёшлар ва тадбиркорлик

Бугунги кунда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларинин мустақил ҳаётга тайёрлаш, ёш тадбиркорлар сафини тобора кенгайтириш мақсадида ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш тўғрисидаги фармонлари, Вазирлар Маҳкамасининг “Кичик ва ўрта бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш” юзасидан қабул қилинган қатор қарорлари мамлакатимизда тадбиркорларни ривожлантиришга асос бўлмоқда.

Шу сабабли тадбиркорлар сафи кундан кунга кўпайиб халқ хўжалигининг турли соҳаларида фаолият кўрсатаётган ва мамлакатимиз иқтисодиётига ҳудудларининг ривожлантиришга алоҳида кундалик эҳтиёж ва истеъмол маҳсулотларига бўлган талабларини тўлароқ қондиришга кенг имкониятлар вужудга келмоқда. Ва бу моҳият эътибори билан мамлакатимиз барқарор иқтисодиётини шакллантириш ва ислоҳотлар натижасида инсон омилига ҳукуматимиз томонидан яратиб берилган эътиборнинг тадбиркорлар томонидан онгли равишда тўғри тушунган ҳолда ўз фаолиятларини давом эттиришга сабаб бўлмоқда.

Бундай ўзгаришлар ёрқин мисоли сифатида ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги туб ўзгаришлар саноат, савдо, маиший хизмат, транспорт-алоқа ва маориф ва бошқа соҳаларда ўтган давр мобайнида эришилган ютуқларни эътироф этиш мумкин.Аграр сохасига ихтисослашган туманимизда кейинги йилларда тадбиркорлар томонидан ахоли талаб ва эхтиёжларини пухта ўрганиш ва ана шу эхтиёжга яраша маҳсулотлар етказишга жиддий эьтибор қаратмоқда. Жумладан аҳолининг транспорт хизмати кўрсатишга бўлган талаби мунтазам юқорилиги тадбиркорларнинг ушбу соҳада фаолият юритишга сабаб бўлмоқда. Кейинги йилларда деҳқон фермер хўжаликлари билан бир қаторда тадбиркорлар фаолиятининг маълум бир тури сифатида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, жумладан гўшт ва гўшт маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари ва бошқа шу турдаги маҳсулотларни етиштириш билан бирга уларни қайта ишлаш асосида жаҳон андозаларига мос маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ҳаракат қилинмоқда.

Тадбиркорлар томонидан етиштирилаётган халқ истеъмоли ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари орқали ички бозорларини тўлдириш билан биргаликда аҳолининг бундай маҳсулотларга бўлган талабни қондиришга замин яратмоқда.

Туманда ёшларни тадбиркорликка жалб қилишга қаратилган турли тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, коллеж битирувчилари билан мунтазам равишда касбга йўналтириш тадбирлари турли касб эгалари иштирокида ўтказилмоқда. Яқинда бўлиб ўтган Пахтаобод қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежидаги йиғилишда меҳнат фахрийлари ўқитувчилар Гўзал Дориева, Абдурасул Шукуров, ҳуқуқшунос Фарҳод Бердақов, врач Зебо Зоирова каби ўз касбининг фидоийлари қатнашдилар ва касблар, тадбиркорлик йўналишлари хусусида ёшларга маслаҳатлар бердилар.

Шунингдек, бу каби учрашув ва йиғилишларда сўзга чиққанлар ёшларга ҳаётда ўз ўрнини топиш учун тинмай изланиш ва шижоат кўрсатишлари лозимлигини айтдилар. Шу билан бирга касб танлаш, тадбиркорлик йўналишини белгилашда ўзи яшаётган ҳудуд иқтисодиётини ўрганиб чиқиб, фойда келтирадиган лойиҳалар ишлаб чиқишлари лозимлиги ҳам уқтирилди.

Дарҳақиқат, бу гапларда жон бор. Чунки тадбиркорлик бу - ишлаб чиқариш, уни реализация қилиш орқали фойда кўриш дегани. Демак, фойда кўришга асосланган тадбиркорлик билан халққа намунали хизмат кўрсатиш мумкин.

Масаланинг яна бир томони тадбиркорликни бошлаш учун дадиллик билан, қўрқмасдан ишга киришиш лозим. Иккиланиш, сусткашлик билан кўзланган натижага эришиш қийин. Буни ёшларимизга бот-бот тушунтираяпмиз. Бизнинг ҳудудимизда қизлар учун тикув ва бичув цехлари, қандолатчилик, тўқувчилик цехлари, очса бўлади. Ўғил болалар учун аҳолига хизмат кўрсатиш шахобчалари, чорва фермер хўжаликлари, балиқчилик, паррандачилик, қуёнчилик, кўчатчилик фермер хўжаликлари, иссиқхоналар, мебел жиҳозлари ишлаб чиқариш цехлари очса бўлади.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, ёшларга ўз бизнес режаларини ишлаб чиқишда коллеж ўқитувчилари, меҳнат биржаси ходимлари, яқиндан бошлаб фаолият юритиб келаётган “Ягона дарча” ходимлари билан ҳамкорликда коллежларда мунтазам равишда учрашув ва семинарлар ўтказиб келинмоқдалар. Семинарларда тадбиркорликни бошлаш учун ишончли ғоя, сармоя ва билим зарурлиги таъкидланиб, бизнес учун қаердан пул жалб қилиш мумкинлиги, ўз ишини қанча вақт ичида очиш мумкинлиги тушунтирилмоқда.

Бугунги кунда ана шундай тарғиботлар натижасида кўплаб тадбиркорлик субъектлари пайдо бўлди ва улар муваффақият билан ишламоқда. Бунга мисол қилиб автомобилларга хизмат кўрсатиш шахобчаларини, нонвойхоналар, замонавий ром-эшиклари цехи, бир нечта чорвачилик фермер хўжаликларини мисол келтириб ўтиш мумкин.

Шуни мамнуният билан таъкидлаб ўтиш мумкинки, тадбиркорликни ривожлантириш учун мамлакатимизда катта имкониятлар эшиги очилган. Ёшларимиздан эса фақат ғайрат ва шижоат талаб қилинади холос. Ҳукуматимиз ёш тадбиркорларни имтиёзли кредитлар билан таъминлаб келаяпти. Лойиҳанинг мукаммаллигига қараб кредитлар миқдори ошиб бориши мумкин. Шундай экан, ёшларимизни бу жабҳада фаоллигини ошириш учун имкон даражасида тарғибот ишларини кучайтиришимиз, уларнинг фаолликларини рағбатлантиришимиз, қўллаб-қувватлашимиз лозим. Шу билан бирга ёшларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, уларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ёш тадбиркорларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, имтиёзли микрокредит маблағлари билан таъминлаш доимий ғамхўрлигимизга айланиши лозим. Чунки уларни тўғри йўлга солиш, етук тадбиркор бўлиб етишишларига имкон яратиш билан мамлакатимиз фаровонлигига замин ҳозирлаган бўламиз.

О.Раҳимов, Сардоба туман ДНИ нотариуси 


Рўйҳатга қайтиш