Тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини жорий этишнинг аҳамияти

Республикамиз Президенти томонидан 2015 йил 15 майида “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармоннинг қабул қилиниши бу борада амалга оширилаётган ишлар сохасида мухим ва зарурий қадам бўлган бўлса, 2015 йилнинг 28 сентябрида қабул қилинган “Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарор мазкур фармон билан амалга оширилиши назарда тутилаётган эзгу мақсадларнинг мантиқий давоми бўлди дейиш мумкин.

Ушбу фармон ва қарорларни қабул қилишдан мўлжалланаётган асосий мақсад барча турдаги рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни янада соддалаштиришга эришишдир.

Шунингдек, хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича тегишли тезкор чорлар кўрилиши кўзда тутилган бўлиб, унга кўра туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари негизида тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатувчи ягона марказлар ташкил этилди.

Ҳозирги кунгача қонунчиликда белгиланган тартибда тадбиркорликни амалга ошириш учун турли ташкилотлар томонидан лицензия ва рухсатномалар расмийлаштиш бўйича кўрсатилаётган жами 16 турдаги давлат хизматларининг барчаси туман, шаҳарларда фаолият кўрсатаётган “ягона дарча” марказлари томонидан амалга оширилиб, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари давлат хизматларини “ягона дарча” тамойили асосида бир жойнинг ўзида туриб фойдаланиш имконияти тўлиқ яратилди.

Хулоса қилиб айтганда, Республикамизда тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорларнинг ишончли ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, бу йўналишда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тўғри англаган ҳолда амалда тўлиқ ижросини ташкил этиш – нафақат бунинг учун масъул бўлган давлат идоралари ва мансабдор шахсларнинг, қолаверса, ҳар биримизнинг устувор вазифамиз эканлигини ёдимиздан чиқармаслигимиз лозим.

Б.Назаров, Сирдарё вилоят адлия бошқармаси масъул ходими


Рўйҳатга қайтиш