Тадбиркорлик фаолияти давлат ҳимоясида

Мамлактимизда муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш йўлида қатор қонун ҳужжатларининг қабул қилиниши ва қабул қилинаётган ушбу қонун ҳужжатлари асосида хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилиш, уларни жадал ривожлантириш ва бу йўлдаги турли тўсиқларни бартараф этиш соҳасида илғор ҳуқуқий база яратилиб, бу борадаги ишлар бугунги кунда ҳам изчил равишда давом эттирилмоқда.

Республикамиз Президенти томонидан жорий йилнинг 15 майида “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4725-сон Фармоннинг қабул қилиниши бу борада амалга оширилаётган ишлар соҳасида муҳим ва зарурий қадам бўлган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан шу йилнинг 
28 сентябрида қабул қилинган “Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2412-сон Қарор мазкур фармон билан амалга оширилиши назарда тутилаётган эзгу мақсадларнинг мантиқий давоми бўлди дейиш мумкин.

Ушбу фармон ва қарорларни қабул қилишдан мўлжалланаётган асосий мақсад барча турдаги рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни янада соддалаштиришга эришишдир.

Белгиланган янги тартиб-қоидалар давлат органларида ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнларини тубдан соддалаштиришга қаратилган комплекс чоралар кўришни, тегишли ташкилотлар ва мансабдор шахслар зиммасига ушбу жараёнларда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш позициясидан туриб иштирок этиш масъулиятини юклайди.

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси ҳам ушбу позицияда туриб, доимий равишда тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаб келмоқда.

Жумладан, адлия бошқамаси томонидан Назорат қилувчи органларнинг тадбиркорликка оид қонунчиликка риоя этишлари юзасидан тизимли равишда ўрганишлар ўтказиб борилмоқда.

Биргина 2015 йил давомида 51 та турли идора ва ташкилотларда бу борадаги ўтказилган ўрганишларда жами 844 та қонунбузилиши ҳолатлари аниқланди.

Қонунбузилишларнинг 554 таси солиқ идоралари, 130 таси Давлат санитария эпидимиология назорат маркази идоралари, 48 таси Ёнғин хавфсизлик хизмати, 44 таси маҳаллий давлат ҳокимликлари, 43 таси Ер ресурслари ва давлат кадастри идоралари ва 5 таси тижорат банклари фаолиятига тўғри келади.

Биргина назорат қилувчи идоралар томонидан 357 та ҳолатда тадбиркорларни маъмурий жавобгарликка тортишда, 56 та ҳолатда текширишлар ўтказишда ва 4 та ҳолатда шартнома шартларининг бажарилишида қонун нормалари бузилишига йўл қўйилган.

Қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан қўлланилган таъсир чораларига асосан назорат қилувчи оранларнинг жами 35 нафар ходимлар интизомий жавобгарликка тортилиб, шундан, 2 нафари лавозимидан озод этилиши таъминланди.

Ҳозирда тадбиркорлар фаолиятига ноқонуний аралашувларни тезкорлик билан аниқлаш ва уни бартараф этиш мақсадида Текширишларни рўйхатга олиш китобига қайд этишнинг онлайн-электрон тизими жорий этилгани ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мазкур тизимнинг тўлиқ ишга туширилиши билан ўтказилаётган ҳар бир текширишни самарали мониторинг қилиб бориш имконияти яратилади.

Ҳисобот даврида вилоятдаги 453 та тадбиркорлик субъектларининг “Текширишларни рўйхатга олиш китоби” мониторинг қилиниб, назорат қилувчи идоралар томонидан жами 76 тага яқин ҳолатда (Солиқ идоралари 49 та, ДСЭНМ 16 та, ИИБ ЁХБ 11 та) китобни тўлдириш қоидаларига риоя этилмаганлиги аниқланди.

Мазкур қоидабузарликларни бартараф этиш ва келгусида уларга йўл қўймаслик мақсадида тегишли идораларга 24 та тақдимнома ҳамда 65 та огоҳномалар киритилди.

Бундан ташқари, тадбиркорлар манфаатлари суд тартибида ҳимоя қилиниши таъминланиб, судларга 534430 млн. сўмлик 58 та даъво аризалари киритилди.

Мисол учун, Гулистон шаҳридаги якка тартибдаги тадбиркор “Орзу савдо сервис” хусусий корхонаси раҳбари У.Қодировнинг "Сирдарёпахтасаноат" ХАБ томонидан шартномага асосан транспорт хизмати учун хақ тўланмаётганлигидан норози бўлиб қилган мурожаатига асосан хўжалик судига тадбиркор манфаатида даъво ариза киритилиб, унга асосан 131,2 млн. сўм маблағлар ундирилиб берилди.

Хулоса қилиб айтганда, Республикамизда тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорларнинг ишончли ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, бу йўналишда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тўғри англаган ҳолда амалда тўлиқ ижросини ташкил этиш – нафақат бунинг учун масъул 
бўлган давлат идоралари ва мансабдор шахсларнинг, қолаверса, ҳар биримизнинг устувор вазифамиз эканлигини ёдимиздан чиқармаслигимиз лозим.

А.ХаитовСирдарё вилоят адлия бошлқармаси масъул ходими 


Рўйҳатга қайтиш