Тадбиркорлик фаолиятида жиноий ва маъмурий қонунчиликнинг либераллашуви

Мамлакатимизда хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларни қўллаб қувватлаш ҳамда ҳуқуқий ҳимоя қилиш масаласи доимий эътиборда.

Бугунги кунда бу соҳани тартибга солувчи ҳамда ишончли ҳимоясини таъминловчи зарур ҳуқуқий база яратилди.

Президентимизнинг “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонлари Республика иқтисодиётида хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан ошириш, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, ялпи ички маҳсулотда хусусий мулк, жумладан, чет эл капитали иштирокидаги улушини изчил ошириш мақсадида қабул қилинди.

Фармонда, хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатини кучайтириш, тадбиркорлик фаолиятини тартибга соладиган маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш жараёнини давом эттириш белгиланди.

Фармон билан тасдиқланган дастурнинг иккинчи йўналиши- айнан хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатини кучайтириш, тадбиркорлик фаолиятини тартибга соладиган маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш жараёнини давом эттиришга қаратилди.

Хусусан, сўнги йилларда қабул қилинган қонун ҳужжатларига кўра устав фондида давлат улуши бўлмаган юридик шахсга нисбатан унинг ходими томонидан содир этилган иқтисодиёт соҳасидаги айрим жиноятлар фақат мазкур юридик шахс раҳбарининг, мулкдорининг ёки ваколатли бошқарув органининг аризасига кўра қўзғатилиши белгиланди.

Бундан ташқари, Жиноят кодексидаги иқтисодий зарар даражаси ва миқдори мезонлари ҳалқаро амалиётга мувофиқлаштирилиб, уларнинг миқдорлари оширилди.

Масалан, илгари анча миқдордаги зарар энг кам ойлик иш ҳақининг ўттиз бараваридан юз бараваригача бўлиб, шу миқдорда савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузганлик учун тадбиркор жиноий жавобгарликка тортилар эди.

Эндиликда киритилган ўзгартишларга мувофиқ анча миқдордаги зарар энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан уч юз бараваригача этиб белгиланди.

Худди шундай, кўп миқдор ва кўп миқдордаги зарар энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан уч юз бараваригача бўлган бўлса, бу миқдор уч юз бараваридан беш юз бараваригача, жуда кўп миқдор ва жуда кўп миқдордаги зарар энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз баравари ва ундан ортиқ бўлган миқдорда бўлса - бу беш юз бараваридан ҳисобланиши белгиланди.

Фармон талабларига кўра, жуда кўп миқдорда бўлмаган савдо-сотиқ қоидалари, савдо ва воситачилик фаолияти соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни жиноий юрисдикциядан чиқариб маъмурий юрисдикцияга ўтказиш, шунингдек агар шахс, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш жиноятини биринчи маротаба содир этиб, жиноят аниқланган кундан 30 кун давомида давлатга етказилган зарарни тўлиқ қоплаб, пеня ва бошқа жарималарни тўлаган бўлса, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилмасликни назарда тутувчи тартиб жорий этилиши, бундан ташқари, жуда кўп миқдорда бўлмаган савдо-сотиқ қоидалари, савдо ва воситачилик фаолияти соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни жиноий юрисдикциядан маъмурий юрисдикцияга ўтказиш ва бошқа тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва уларнинг ҳимоясини кучайтиришга қаратилган бир қатор нормалар киритилиши назарда тутилган эди.

Фармон ижроси бўйича 2015 йил 20 август куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 391-сонли Қонуниқабул қилиниб, унга асосан Ўзбекистон Республикасининг 10 та кодексига ва 33 та қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Мазкур муҳим қонуннинг кучга кириши тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳамда уларни ҳуқуқлари ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишида янги бир даврни бошлаб беришга хизмат қилади деб айтишимиз мумкин.

Сабаби, мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларига айнан тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашганлик ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган ҳаракатлар учун жавобгарлик нормаларини белгиловчи алоҳида боблар киритилди.

Унда, хусусий мулк ҳуқуқини бузиш, тадбиркорлар фаолиятини текшириш ва тафтиш қилиш тартибини бузиш, уларнинг фаолиятини ёки банклардаги ҳисоб варақлари бўйича опрецияларини ноқонуний тўхтатиб қўйиш, уларни ҳомийлик тадбирларига мажбурий жалб этиш, лиценция ва рухсатномалар бериш тартибини бузиш, имтиёзларни қўллашни ғайриқонуний равишда рад этиш каби қилмишлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланди.

Шу билан бирга, юқоридаги Фармон талаблари бўйича тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги айрим ҳуқуқбузарликлар жиноий юрисдикциядан маъмурий юрисдикцияга ўтказилди.

Қонунга асосан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси киритилган қўшимча ва ўзгартишларга қисқача тўхталадиган бўлсак, Кодексга алоҳида “Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш билан боғлиқ жиноятлар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа жиноятлар” номли алоҳида боб киритилди.

Унда, хусусий мулк ҳуқуқини бузганлик, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш тартибини бузганлик, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини ва (ёки) уларнинг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни қонунга хилоф равишда тўхтатиб турганлик, тадбиркорлик субъектларини ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этганлик, лицензиялаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, имтиёзлар ва преференцияларни қўллашни ғайриқонуний равишда рад этиш, қўлламаслик ёки қўллашга тўсқинлик қилганлик, хўжалик юритувчи субъектларга ва бошқа ташкилотларга пул маблағлари беришни асоссиз равишда кечиктирганлик, тадбиркорлик субъектларининг ҳисобварақларида пул маблағлари мавжудлиги тўғрисидаги ахборотни қонунга хилоф равишда талаб қилиб олганлик ва бошқа ҳолатлар бўйича Назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда бошқа давлат органининг ва давлат ташкилотининг мансабдор шахси ёки хизматчиларига нисбатан жавобгарлик чоралари белгиланди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга тўхталадиган бўлсак,Қонуннинг 7-моддасига асосан кодексга бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, худди Жиноят кодексига киритилганидек, ушбу кодексга ҳам “Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик, қонунга хилоф равишда аралашганлик ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик” номли алоҳида боб киритилди.

Унда ҳам Жиноят кодексида белгиланган нормалар каби ҳуқуқбузарликлар учун илк маротаба содир этилган тақдирда маъмурий жавобгарлик чоралари белгиланди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, қабул қилинаётган қонунларнинг талабларига риоя қилинишини таъминлашни ўзимизга бурч сифатида белгилаб олишимиз зарур.

Қ.ҲафизовТадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бўлим бошлиғи 


Рўйҳатга қайтиш