“Текширишларни рўйхатга олиш китоби”нинг электрон тизими ноқонуний текширишларга чек қўйиш учун яратилган

Мамлакатимизда сўнгги йилларда қабул қилинган қонун ҳужжатларига асосан тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар ва имкониятлар яратиш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш ҳамда тадбиркорлар фаолиятига ноқонуний аралашувларга чек қўйиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Бу борада амалга оширилган ишлар натижасида Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширишлар ўтказиш кескин қисқартирилди.

Бундан ташқари, назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш махсус ваколатли орган томонидан амалга оширилиши қайд этилиб, ҳар қандай текшириш, албатта, ушбу махсус ваколатли орган, яъни назорат қилувчи органлар фао­лиятини мувофиқлаштирувчи кенгашнинг тегишли рухсати билангина ўтказилиши белгиланди.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаб келаётган, шунингдек, ишлаб чиқариш суръатларининг барқарор ўсиши ва рентабеллигини таъминлаётган кичик тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини солиқ соҳасида текшириш бўйича мораторий 2017 йилнинг 1 январигача узайтирилди.

Барча назорат органлари учун режали текширишларнинг ягона даврийлиги белгиланиб, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашганлиги, хусусий мулк ва тадбиркорлар ҳуқуқларини бузганлиги учун жавобгарлиги кучайтирилди.

Тадбиркорлар фаолиятида ўтказилаётган текширишларнинг қонунийлигини таъминлашда Адлия вазирлиги томонидан жорий этилган “Текширишларни рўйхатга олиш китоби” ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ҳозирда 300 мингдан ортиқ тадбиркор ушбу китоб­лар билан таъминланган.

Адлия органлари томонидан жорий йилнинг 9 ойи мобайнида Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи кенгаш билан ҳамкорликда 10 мингдан ортиқ тадбиркорнинг бундай китоблари мониторинг қилинди.

Мониторинг натижасида 1601 та ҳолатда “Текширишларни рўйхатга олиш китоби”ни тўлдириш тартибига риоя қилинмаганлиги ҳолатлари аниқланиб, уларни бартараф этиш юзасидан 426 та ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилди.

Шундай бўлса-да, бугунги замон талабларидан келиб чиққан ҳолда тадбиркорлар фаолиятига ноқонуний аралашувларни тезкорлик билан аниқлаш ва уларга чек қўйиш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан тегишли идоралар ҳамкорлигида “Текширишларни рўйхатга олиш китоби”нинг электрон шаклижорий этилиб, ишга туширилди.

Эндиликда эса текшириш ўтказилаётган хўжалик юритувчи субъектларда техник имконият мавжуд бўлганда мажбурий тартибда “Текширишларни рўйхатга олиш китоби”нинг электрон шакли текшириш ўтказаётган мансабдор шахслар томонидан тўлдирилиши керак. Бундай ҳолатда китобнинг қоғоз шаклини тўлдириш талаб этилмайди.

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида яратилган “Текширишларни рўйхатга олиш китоби”нинг онлайн тизимига кириш etk.minjust.uz электрон манзили орқали элек­трон рақамли имзо ёрдамида амалга оширилади.

Адлия вазирлиги томонидан текшириш жараёни бўйича тўлиқ назорат ўрнатилади ва ноқонуний текширишга йўл қўйган шахсларга жазо муқаррарлиги таъминланади.

Яна шуни таъкидлаш лозим, ушбу лойиҳа вақтни тежайди, қоғоз ва бош­қа харажатлар сарфини камайтиради.

Мазкур тизимнинг тўлиқ ишга туширилиши тадбиркорлар ҳуқуқларини янада ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашувларни тезкорлик билан аниқлаш ва уни бартараф этиш ҳамда ўтказилаётган ҳар бир текширишни Адлия вазирлиги томонидан назорат қилиб бориш имкониятини яратди.

Қонун ҳужжатларида илгари текширишлар ўтказишнинг тартибини бузганлик учун жавобгарлик белгиланмаган бўлса, эндиликда Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга киритилган ўзгартишларга асосан тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишнинг ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилишнинг белгиланган тартибини бузганлик учун ҳам мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги белгиланди.

Назорат қилувчи органлар шуни унутмаслиги керакки, китобни тўлдирмаслик ёки уни тўлдиришдан бош тортиш текширишлар тартибини бузиш ҳисобланиб, айбдор шахсларнинг жавобгарлигига сабаб бўлади.

Бу тартиблар “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Қонунда ва яна ўнлаб қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган.

Назорат қилувчи органлар ходимлари мазкур қонун ҳужжатларининг моҳиятини чуқур тушунишлари, текширишлар тартибларини мукаммал ўрганишлари керак. Шундагина улар бу тартибни бузмасдан текшириш ўтказа оладилар.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, назорат қилувчи органлар масъул ходимлари томонидан қонун ҳужжатларига қатъий риоя этган ҳолда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширишлар ўтказилиши қонунийликни таъминлашга, тадбиркорларнинг давлат органларига нисбатан ишончи ошишига хизмат қилади.

Отабек Иброҳимов, Адлия вазирлиги масъул ходими 


Рўйҳатга қайтиш