Нотариал ҳаракатларни амалга оширишда тадбиркорлик субъектларига яратилган янгиликлар

Мамлакатимизда хусусий мулк ва тадбиркорликни ривожлантириш, уларни қўллаб қувватлаш ҳамда ҳуқуқий ҳимоя қилиш масаласига доимий эътибор қаратиб келинмоқда. Натижада бу соҳадаги қонунчилик тизимли равишда такомиллаштирилиб борилмоқда.

Улардан бириЎзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 31 декабрда қабул қилинган “Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридир.

Ушбу қарор билан 2015 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматлари кўрсатишда давлат органлари ва бошқа органлар томонидан тадбиркорлик субъектларидан давлат бошқа органларида ва ўзга ташкилотларда мавжуд бўлган ҳужжатларни ва ахборотларни, шу жумладан солиқ қарздорлиги ёки коммунал тўловлар бўйича қарзларнинг мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномаларнинг, тадбиркорлик субъекти таъсис ҳужжатларининг, лицензиялар ва рухсат берувчи тусдаги ҳужжатлар нусхаларининг талаб қилиниши тақиқланди.

Ушбу қарор асосида Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Жумладан, нотариал ҳаракатларни амалга оширишда тадбиркорлик субъектларидан давлат органларида ва бошқа ташкилотларда мавжуд бўлган ҳужжатларни ва ахборотларни, шу жумладан солиқ қарздорлиги ёки коммунал тўловлар бўйича қарзларнинг мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномаларнинг, тадбиркорлик субъекти таъсис ҳужжатларининг, лицензиялар ва рухсат берувчи тусдаги ҳужжатларнинг нусхалари талаб қилинмайди.

Яъни, нотариус давлат органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни сўраб олишга ҳақли.

Тадбиркорлик субъектларининг нотариал ҳаракатларни амалга ошириш юзасидан мурожаатлари мавжуд бўлганда нотариуслар давлат органларида ва бошқа ташкилотларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатларни ва ахборотларни ўзаро ахборот ҳамкорлиги йўли билан, шу жумладан электрон тарзда мустақил равишда оладилар.

Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва ахборотлар мавжуд бўлган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, шу жумладан давлат нотариал идоралари ушбу ҳужжатлар ва ахборотларни (архив маълумотномалари бундан мустасно) идоралараро сўров олинган вақтдан бошлаб бир иш куни мобайнида тақдим этишлари шарт.

Масалан, тадбиркорлик субъекти нотариал ҳаракатни амалга ошириш юзасидан нотариал идорага мурожаат этса, нотариал ҳаракат юзасидан тегишли маълумотномалар (хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати аъзолари томонидан тўланадиган мажбурий бадаллар, телефон алоқаси хизмати ва коммунал хизматлар учун тўланадиган мажбурий тўловлар бўйича, давлат солиқ хизмати органининг солиқлар бўйича қарзи мавжуд эмаслиги тўғрисидаги, уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми ўзгартирилганда, «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси ҳудудий бўлинмасининг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати томонидан берилган маълумотномалари ва юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси идоралараро сўров орқали олинади.

Давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва ахборотларнинг ушбу ҳужжатлар ва ахборотлар мавжуд бўлган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан идоралараро сўров бўйича тақдим этилмаслиги ёки ўз вақтида тақдим этилмаслиги тадбиркорлик субъектига давлат хизмати кўрсатишни, хусусан, нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиш учун асос ҳисобланмайди.

Нотариус нотариал ҳаракатларни амалга оширишда иштирок этаётган шахсларни идоралараро сўров орқали олинган ҳужжатлар ва ахборотларнинг мазмуни ҳақида хабардор қилиши ва бу ҳақда тасдиқловчи ёзувда кўрсатиши зарур.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан олиниши лозим бўлган ҳужжатларнинг ўз вақтида ёки тадбиркорлик субъекти томонидан тақдим қилинмаслиги нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун асос ҳисобланмайди.

Давлат нотариал идоралари нотариуслари томонидан тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқий хизмат кўрсатишда сансалорлик, бюрократизм ва хизмат кўрсатиш муддатларини чўзиб юбориш ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя қилиши доимий назоратга олинган.

Хулоса қилиб айтганда, бу каби кўрилаётган чоралар тадбиркорларнинг республика иқтисодиётидаги улушини йилдан-йилга ошишига, бизнес субъектларига яратилаётган шарт-шароитлар уларни янада қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий ҳимоясини кафолатлаш ҳамда улар олдидаги турли тўсиқ ва ғовларни бартараф этишга хизмат қилади.

Ш.Хайдаров, Адлия вазирлиги бош маслаҳатчиси


Рўйҳатга қайтиш